Ранг схемаси

Ўзбекистонликлар — Европа халоскорлари


08.05.2019

Ўзбекистонлик жангчилар Европа халқларини озод этишда фаол қатнашдилар ва ўзларининг ўз қаҳрамонликлари билан бутун дунё халқларига ўрнак бўлдилар. Жанглар давомида ҳар бир ўзбек жангчиси ўзидан ўчмас из қолдирди. Шулар жумласидан биринчи ўзбек генерали, 57-гвардиячи дивизиянинг қўмондони Собир Раҳимов Полшада шонли хотира қолдирди. Унинг дивизияси Кавказдан Шарқий Пруссиягача бўлган масофани қаттиқ жанглар билан босиб Ўзбекистонликлар — Европа халоскорлари 179 ўтди. Кўрсатган ҳарбий маҳорати учун кўп марталаб ҳукумат орденлари ва медаллар билан тақдирланди. 1943-йил мартида унга генерал-маёр унвони берилди. 1943-йил майидан 1944-йил апрелигача муддатда Собир Раҳимов Москвадаги Олий ҳарбий академияда таълим олди. У академияни тамомлаб, аввал Белоруссияни озод этишда, сўнгра Полшанинг Грудзяндз, Гнев, Староград, Дзяддово шаҳарларини озод этиш учун бўлган жангларда саркардаларга хос ҳарбий санъатни намойиш этди.

Ўзбекистонликлар Европа мамлакатларида авж олган қаршилик кўрсатиш ҳаракатида ҳам фаол қатнашдилар. Улар душманнинг махсус лагерларидан қочиб Чехословакия, Полша, Югославия, Греция, Франциядаги Қаршилик ҳаракатига қўшилиб жанг қилдилар. Самарқандлик Г.Г. Булатов отряди Полшада ўнлаб кўприкларни, темирйўлларни портлатди, душманнинг ҳарбий қисмлари ва жанговар техникаси ортилган эшелонларни ағдарди. 1944-йил ўрталарида Словакияда фашистларга қарши кўтарилган миллий қўзғолонда ўзбекистонликлардан партизан отряди командири В.Ф. Мелников, Р. Алламов, А.Нарзуллаев, Р.Ҳамроевлар иштирок этди. Югославияда кўрсатган жасорати учун фарғоналик Уксанбой Холматов 3 марта Югославиянинг мукофотларига сазовор бўлди.

Францияда 37 миллат ва элатларга мансуб 2200 совет ҳарбий асирларидан тузилган партизанлар полки А.А. Козарян қўмондонлигида франсуз партизанлари билан биргаликда жанг қилиб, Алес, Вилфор, Сен-Шели шаҳарларини, Гар ва Лозер департаментининг қишлоқларини фашистлардан озод қилдилар. Бу жангларда самарқандлик Абдулла Раҳматов, Булунғур туманидан Сарибой Шомуродов, тошкентликлар Раҳмон Раҳимов, Насиб Амиров ва бошқалар фаол қатнашдилар.

Италиянинг Карраро шаҳри конларида ишлатиш учун олиб борилган ҳарбий асирлар орасида андижонлик Турғун Қўчқоров ва Аҳмад Мамажоновлар италиялик партизанлар билан алоқа боғлаб тоққа қочади. Улар Гарибалдиячи партизанлар отрядига қўшилиб душман қурол-аслаҳа омборхоналарини портлатишда, йўлларда душман колонналарини йўқ қилишда, кўприклар ва эшелонларни портлатишда фаол қатнашадилар.

 

Манба: Ўзбекистон тарихи (1917-1991 йй..) Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари 1-босқич ўқувчилари учун дарслик Қ. Усмонов, М. Содиқов

Жасорат ҳақида ёзиш

Сиз xotira.uz порталида яқинларингиз урушда кўрсатган жасорати ҳақида сўзлаб бериш имконига эгасиз. Биз биргаликда Иккинчи жаҳон урушида ватандошларимиз кўрсатган жасорати ҳақидаги хотирани сақлаб қоламиз ва келажак авлодга етказамиз.