Ранг схемаси

Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари ўзлари жанг қилган мамлакат ва санаторияларга ташриф буюришади


17.04.2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 16 апрель куни "Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ушбу қарор билан Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури тасдиқланган. Дастурда назарда тутилган тадбирлар "Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас", "Мардлик, бурча ва садоқат" шиорлари остида ўтказилади. 

Қарорда "Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганинин ҳеч ким унутмаслиги" деб қайд этилган.

"Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллионидан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди.  Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган, “Сен етим эмассан” деб ўз бағрига олгани халқимизнинг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди" деб кўрсатилган. 

"Хотира ва Қадрлаш кунининг кенг нишонланишини таъминлаш давлат ва нодавлат ташкилотларининг биринчи галдаги вазифаси, барча Ўзбекистон фуқароларининг виждоний иши ва анъанавий бурчи" эканлиги белгиланган.

Унда ғалабага ўз ҳиссасини қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, куч-қувватини аямаган ҳар бир фахрий, ҳар бир киши хотираси абадийлаштирилишини, уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилишини таъминланиши белгилланган. 

Ушбу қарорга мувофиқ, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, ҳарбий қисмлар вакиллари бириктирилиши маълум қилинган. 

Ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини амалга оширилиши режалаштирилган.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари истаклари асосида ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафарини ташкил этишлари мумкин. Шунингдек, улар Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул боришлари мумкин. 

Байрам муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги белгиланган жойларда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги ҳарбий техникалар намойиши ташкил этилади. Кўчалар ва майдонларни Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган плакатлар ва стендлар билан безатилади. Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляцияси, жумладан, уруш йилларининг қўшиқ ва куйлари, дастурхон тузаш ва тегишли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирлар ташкил этилади.

 

Тошкент шаҳрида 2018 йил 9 май соат 21.00 да Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам салюти бўлиб ўтади.

Жасорат ҳақида ёзиш

Сиз xotira.uz порталида яқинларингиз урушда кўрсатган жасорати ҳақида сўзлаб бериш имконига эгасиз. Биз биргаликда Иккинчи жаҳон урушида ватандошларимиз кўрсатган жасорати ҳақидаги хотирани сақлаб қоламиз ва келажак авлодга етказамиз.