Ранг схемаси

Сиз "Туркистон легиони" ҳақида биласизми?


08.05.2019

Иккинчи жаҳон уриши давомида фашист армияси ўта маккор ҳийлларни ишлатар эди. Ҳарбий асирлар ўртасида миллатларни бир-бирига қарши гижгижлаш, келиб чиқиши немислардан бўлган совет фуқароларини қулайликлар яратиш эвазига ўзига хизматкорликка олиш, совет ҳокимиятига нисбатан норозилик кайфиятида бўлган айрим мусулмон этник гуруҳларидан фойдаланиш каби сиёсий йўллардан фойдаланишга уриниб кўрди. Рози бўлмаганларни очлик ва ўлим билан қўрқитар эди. Бу хилдаги усуллар ҳарбий асирларга кўпроқ ишлатиларди. Фашистлар ҳарбий асирлардан «Рус озодлик армияси», «Туркистон легиони», «Волга — Урал легиони» каби ҳарбий қўшилмалар тузишди, улардан партизанларга қарши курашда фойдаландилар ҳам. Чет эл манбаларида ўз ватанининг душманлари билан «ҳамкорлик» йўлига кирганлар сони оз эмас, кўп эмас, қарийб 1 млн кишига «Туркистон легиони» 181 етганлиги кўрсатилади. Бунга Сталиннинг асирликка тушиб қолганларни ватан хоинлари деб ҳисоблагани ҳам ўз таъсирини кўрсатган бўлиши эҳтимолдан холи эмасдир. Ҳақиқатда ҳам кўпгина ҳарбий аскарлар бундай легионларга мажбуран киритилган эди. Улар яширин гуруҳлар тузиб партизанлар билан алоқа боғлаш йўлини қидирганлар. Масалан, 1944-йилнинг январида гитлерчилар «Туркистон легиони» отрядини Черногорияда югославиялик партизанларга қарши жангга солади. Отрядларнинг бирида 28 ўзбек йигитлари — С. Файзиев, А. Аҳмедов, З. У. Ҳусанов ва бошқалар бор эди. Зобит С. Файзиев маҳаллий аҳоли билан алоқа боғлайди ва унинг кўрсатмаси билан легиончилар фашист командирларини отиб ташлаб, қурол-аслаҳалари билан тоққа, партизанлар томонига юради. 1944-йил 25-май куни 28 ўзбекистонлик легиончилар Югославияда ҳаракат қилаётган болгар аскарлари баталёнига қўшилиб кетади.

Улар орасида жанг қилган тошкентлик З.У. Ҳусановнинг тақдири ҳайратомуздир. У 1941- йилда Смоленскда ярадор бўлади, тузалиб сафга қайтади ва 1943-йил 5-июлда 228-ўқчи полки сафида қаҳрамонларча жанг қилиб, оғир яраланади. Қуролдошлари уни ҳалок бўлди деб ҳисоблашади, уйига бу ҳақда хабар йўллашади. Унга Қаҳрамон унвони берилади. Аммо жангчи ўлмай қолади, душман уни оғир ярадор ҳолда асирга олади, кейин «Туркистон легиони»га киритади. Зиямат Ҳусанов ўртоқлари билан партизанлар томонига ўтади. Приепол шаҳрида фашистларга қарши мардона жанг қилиб, кўпларни ер тишлатади, ўзи ҳам оғир ярадор бўлади, бир маҳаллий аёл жангчини ўзига келтиради. Италиядаги ҳарбий касалхонага жойлаштиришади. У тўрт марта операцияни бошидан кечиради, соғайгач ўз юртига келади. У кейинроқ Қаҳрамон унвонига сазовор бўлганлигидан хабар топади. Бироқ омон қолган ҳарбий асирларнинг тақдири ҳам оғир кечади. Улар ўз Ватанига қайтиб келгач, гумон остида бўлдилар, ишга жойлашишда, уй-жойли бўлишда қийналдилар. Айримлари яна лагерларга, энди советлар ҳукуматининг лагерларига тушиб қоладилар. Бундай ҳоллар Сталин ва унинг атрофидагилар яратган ишончсизлик ва гумонсираш вазиятининг оқибати эди.

Манба: Ўзбекистон тарихи (1917-1991 йй..) Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари 1-босқич ўқувчилари учун дарслик Қ. Усмонов, М. Содиқов

Жасорат ҳақида ёзиш

Сиз xotira.uz порталида яқинларингиз урушда кўрсатган жасорати ҳақида сўзлаб бериш имконига эгасиз. Биз биргаликда Иккинчи жаҳон урушида ватандошларимиз кўрсатган жасорати ҳақидаги хотирани сақлаб қоламиз ва келажак авлодга етказамиз.