Ранг схемаси

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ МУБОРАК ҲАЖ САФАРИГА ТАРАДДУД КЎРМОҚДАЛАР


18.07.2017

Маълумки, бу йил Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни ўзгача руҳда, юртимизда рўй бераётган янгиланишлар ва ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди.

Жумладан, Фармонга асосан, 2017 йил 1 майгача юртимиздаги 1615 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига икки миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари тўлиқ ва тантанали байрамона вазиятда топширилди.

Президентимизнинг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида 14 нафар эҳтиёжманд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига янги замонавий уй-жойлар туҳфа этилди. Уруш фахрийлари истиқомат қиладиган 172 та уй-жой тўлиқ қайта таъмирланди.

Бундан ташқари 346 нафар уруш фахрийларига 3 млрд. 894 млн. сўмлик ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, эҳтиёжманд уруш қатнашчиларига ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, қўлтиқтаёқ, дори-дармон воситалари ҳамда уй-рўзғор буюмлари етказиб берилди.

Юртимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг муборак Ҳаж зиёратига бориш бўйича билдирган истаклари ҳамда “Нуроний” жамғармасининг таклифи инобатга олиниб, илгари Ҳаж зиёратига боролмаган ёки бунга имкони бўлмаган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Президент томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Ҳаж зиёратига юбориладиган бўлди.

Шу асосда “Нуроний” жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари иштирокида Ҳаж зиёратига бориш истагини билдирган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг рўйхати шакллантирилди ҳамда уларнинг барчаси ўрнатилган тартибда тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди.

Айни кунларда 73 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Ҳаж сафарига бориш тараддудини кўрмоқдалар. Улар муҳтарам Президентимизнинг халқ манфаати йўлида амалга ошираётган эзгу ишлари ҳамда нуроний-фахрийларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликлари учун чуқур миннатдорчилик билдириб, доимо дуода эканлигини изҳор этмоқдалар.

Манба: "Нуроний" жамғармаси

Фото: Uza.uz

Жасорат ҳақида ёзиш

Сиз xotira.uz порталида яқинларингиз урушда кўрсатган жасорати ҳақида сўзлаб бериш имконига эгасиз. Биз биргаликда Иккинчи жаҳон урушида ватандошларимиз кўрсатган жасорати ҳақидаги хотирани сақлаб қоламиз ва келажак авлодга етказамиз.