Ранг схемаси

Ғамхўрлик ва меҳрибонлик намунаси


02.05.2017

Инсонпарвар тамойилларни ўзида акс эттирган Хотира ва қадрлаш куни бир неча йилдирки, юртимизда кенг нишонланмоқда. Бу сана урушда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган эзгу маросимга айланган.

Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган, оловли майдонларда ўз юртининг тинчлиги ва озодлиги, оиласи, фарзандларининг хотиржамлиги учун курашган инсонларга кўрсатилаётган эҳтиром Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони билан амалий ифодасини топди. Шу кунларда мазкур фармонга мувофиқ уруш қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари ва байрам совғалари тантанали равишда топширилмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мудофаа вазирининг ўринбосари Ж. Мелибоев, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари – Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кино ва телевидение режиссёри Шавкат Маҳбубов ва яна бир гуруҳ давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар оловли жанггоҳлардан омон қайтган ва кўп йиллар Ўзбекистонда уруш оқибатларини бартараф этишда фидойи меҳнат қилган Николай Денисенко, Евдокия Нестерова хонадонида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан пул мукофотларини топширдилар.

Айтиш мумкинки, кишилик тарихидаги энг қонли, энг катта йўқотиш ва мислсиз қурбонларга, эл-юртимиз ўртасида қанча-қанча мусибат ва офатлар, ғам-аламларга, бева-бечоралар ва етимларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бешафқат уруш тугаганига ўнлаб йиллар ўтган бўлса-да, у қолдирган жароҳат ҳали-ҳамон инсониятни безовта қилиб туради. Шундай дамларда бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз.

– Уруш йилларининг оғир қийинчиликларига мардона бардош бериб, фронт ортида меҳнат қилган, уруш туфайли Ўзбекистонга кўчирилган қанча-қанча одамлар, ота-онасидан айрилган етимларни кўрганман, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кино ва телевидение режиссёри Шавкат Маҳбубов. – Шунинг учун бугунги кунлар қадрига етиш ҳақида ёшларга кўп гапираман. Элимизнинг маънавий қудрати, одамийлик фазилатлари, меҳр-оқибати, мардлиги ва олижаноблигини давом эттиришни тилайман уларга. Чунки элу юрт учун хизмат қилган инсонларни қадрлаш, уларни эъзозлаш инсон учун энг савобли ишлар сирасига киради.

Шу куни меҳмонлар фахрийлар билан самимий суҳбатлашиб, уларга ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатишди.

Ортиқ МУРОДОВ

Манба

Жасорат ҳақида ёзиш

Сиз xotira.uz порталида яқинларингиз урушда кўрсатган жасорати ҳақида сўзлаб бериш имконига эгасиз. Биз биргаликда Иккинчи жаҳон урушида ватандошларимиз кўрсатган жасорати ҳақидаги хотирани сақлаб қоламиз ва келажак авлодга етказамиз.