Ранг схемаси

Элда эъзоз, эҳтиром топиб


02.05.2017

Чирчиқ саноат касб-ҳунар коллежида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар иштирокида “Номинг дилларда мангу” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Сўзга чиққанлар юртимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимизни хотирлаш, жанглардан омон қайтган ва бугун орамизда бўлган, фронт ортида меҳнат қилганларга эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида уруш қатнашчилари кўнглини олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган ватандошларимиз хотирасини ёд этишдек эзгу мақсадлар мужассам.

– Қутлуғ сана муносабати билан ҳар битта уруш қатнашчиси ҳамда фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимизга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яратилаётган шарт-шароитлар, кексаларга кўрсатилаётган эҳтиром, ижтимоий ҳимоя борасида аниқ режа асосида иш олиб борилмоқда. Бу каби тадбир ва учрашувлар тарбиявий нуқтаи назардан ёшлар билан биргаликда ўтказилаяпти. Улар нуронийлар билан суҳбатлашиб, билим, тажриба ва кўникмаларини оширадилар, қолаверса, кексаларга эҳтиром кўрсатиш туйғуси юксалиб боради, – дейди Тошкент ҳарбий округи Фахрийлар ишлари бўйича кенгаши раиси Авазбек Намозов.

“Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил”, деган гап бор доно халқимизда. Ўқувчи-ёшлар Иккинчи жаҳон уруши ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари билан мулоқот чоғида ўзларининг нақадар кенг имкониятлар, шарт-шароитлар эгаси эканликларини ҳис қилдилар. Кексаларнинг йиллар давомида кўрган кунлари, чеккан машаққатлари сабоқ олишга чақирарди. Иштирокчилар уларни қарсаклар билан олқишладилар. Аммо аудиторияда ўтирган ёшлар уларни саволларга кўмиб ташламагани ажабланарли эди. Бу алоҳида мавзу.

Муҳими, одамларимиздан оқибат аримаган. Уч авлод учрашувидан сўнг ҳарбий хизматчилар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Анатолий Фоничевнинг ҳолидан хабар олиш учун уйига бордилар. 92 ёшли отахоннинг кўзларидаги қувонч ёшларидан дилингиз чароғонлашади. Анатолий бобо урушдан эсон-омон келиш насиб қилганини, кампирининг 92 ёшга, қизининг 61 ёшга кирганини айтиб, фахрланди. Ўқувчиларнинг байрам табриги сифатида тайёрлаган куй-қўшиқлари хонадон эгаларига кўтаринки кайфият бағишлади. Отахон мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда меҳнат фронти фахрийларига кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, ёшларни тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асрашга чақирди.

Абдулла ҲОТАМОВ

Манба

Жасорат ҳақида ёзиш

Сиз xotira.uz порталида яқинларингиз урушда кўрсатган жасорати ҳақида сўзлаб бериш имконига эгасиз. Биз биргаликда Иккинчи жаҳон урушида ватандошларимиз кўрсатган жасорати ҳақидаги хотирани сақлаб қоламиз ва келажак авлодга етказамиз.