Ранг схемаси

Азизов Маматхон


29.06.2017

     Мен Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон озод ва обод юрт фарзанди эканлигим, шу заминда туғилиб, ўсиб улғайиб, бахтли ёшлардан бири сифатида билим олиш, хар томонлама камол топиш учун яратилган барча имкониятлардан кенг фойдаланиш бахтига муяссар бўлганлигимдан бехад беҳисоб шукроналар айтаман ва чексиз ғурурланаман. Шу билан биргаликда Ватаним ва халқим олдидаги катта масъулиятни доимо ҳис этаман ва ўқишни аъло бахоларга битириб, мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий ривожига ўз ҳиссамни қўшаман. Бу менинг олдимга қўйган буюк мақсадим ва албатта бунга эришаман. Зеро, мамлакатимизда ёшларни камоли, иқтидори, билим олиши ва ўзини хар томонлама намоён этиш учун барча шароитлар яратилган. Энг катта неъмат бу мамлакатимиздаги барқарор тинчлик, осойишталик ўзаро халқлар ўртасидаги дўстлик, барқарорлик ва ўзаро хурмат муҳитидир. Бундай озод ва обод Ватан ўз ўзидан пайдо бўлиб қолмаган албатта. Биз болалигимиздан бошлаб оилада, мактаб ва коллежда, хозирги кунда Олий ўқув юртларида ўқиб юрган кезларда, бу тинчлик учун ота-боболаримиз, халқимизнинг жасоратли меҳнати, жонфидоийлиги эвазига яратилганлигини тушуниб етмоқдамиз. Албатта бу тинчликни,  Ватанни қадрини билишни,  уни жону дилдан севишни, ардоқлаш ва қадрига етишни ўргандик.                                                                                   

             «9-май хотира ва кадрлаш куни» деб нишонланиши заминида катта ва улуғ хурмат, эътироф мужассамланган. Бугунги тинчлик ва дорул омон замонга осонлик билан эришилмаган. Тинчликни қадрига етиш ва уни мустаҳкамлашга ўз хиссасини қўшиш барчанинг бурчидир. Бу сўзларни биз ёшлигимиздан бобом ва бувимдан доимо ўгит сифатида эшитиб келганмиз, албатта амалда бажарамиз ва қалбимизда доимо асраймиз.   

             1941-1945 йиллардаги Иккинчи жахон урушида фашизм устидан қозонган  тарихий ғалаба биздан узоқлашган сари унда иштирок этганлар, шахид бўлганлар жасорати, уруш йиллари фронт ортида мустахкам ғалабани таъминлашга хисса қўшганлар шухратининг улуғворлиги ва тарихий ахамияти шунчалик ортиб, тобора тўла ва ёркин намоён бўлиб бормоқда. 

            Бобомнинг бизга хикоя қилишларича Иккинчи жаҳон уруши сингари дахшатли, шавқатсиз, қақшатгич, хонавайронлик уруши жаҳон халклари  тарихида умуман бўлмаган. Бу уруш 61-мамлакатни, ер юзи ахолисининг         80 фоизини ўз домига тортди ва олти йил давом этди. Жаҳон империализимнинг энг ёвуз, тиш тирноғигача қуролланган, вахший кучи бўлган фашистлар Германияси билан Собиқ Совет Иттифоқи халқлари йилма йилига беш йил, яъни       1418 кеча ва кундуз хаёт момот жанги олиб бордилар. Бу урушда собиқ Совет Иттифоки ғалаба қозонди. 

              Галаба! Бунга осонликча эришилмади фашизм устидан қозонган ғалаба халқлар эркинлиги, озодликка бўлган ишонч эътиқоди туфайли қўлга киритилди. 

        Ўзбек халқининг минглаб жангчи ва офицерлари «Ватан учун!» деган шиор ва хитоблар остида жон олиб жон беришганда уларнинг қалбларида бир олий                            туйғу- Ўзбекистонга, она диёрга, она заминга бўлган юксак мухаббат ётган.  

       Менинг жасур, қахрамон ва жонфидо бобом Азизов Маматхон, 1913 йил Ўзбекистон Республикасининг Наманган вилояти Косонсой туманида туғилганлар. Бобом ўқимишли, зиёли инсон бўлганлар. Урушдан кейин қатор масъулиятли вазифаларда ишлаганлар. Бобомни бизга қилган хикоялари бўйича Наманган вилоятидан Иккинчи жахон урушида катнашган 79 минг нафардан ортиқ, шу жумладан Косонсой туманидан қатнашган 4 мингдан зиёд жасур ўғлонлари қаторида жанг майдонларида душман билан жанг қилганлар.  Бобомнинг офицер унвонлари бўлиб, взвод ва батальонларда командирлик қилганлар. Наманган вилоятидан яқин 24 минг, Косонсой туманидан 2 мингдан ортиқ жангчи урушдан қайтмаганлар. Бу жудолик оналаримиз ва бувиларимиз кўзини хира, боболаримиз ва оталаримиз қаддини дол этди. Фарзандлар оталар дийдорига тўймай қолдилар, оталик мехридан жудо бўлдилар. Келинларнинг ўн гулидан бир гули очилмай хазон бўлди. 

            Ҳамюртларимиз «Ҳамма нарса фронт учун!»,  «Хамма  нарса ғалаба учун!» шиори остида фронт орқасида ҳам чинакам жасорат кўрсатдилар. Фронт ичкарисидан кўчириб келтирилган саноат корхоналари, госпиталларга жой берилди. Мамлакатнинг ғарбий туманларидан  эвакуация қилинган минглаб кишиларга ва боқувчисиз қолган болаларга мехр мурувват кўрсатдилар. Бунга мисол келтириб, хурматли ўзбек атоқли ёзувчиси Гафур Ғуломнинг «Сен етим эмассан» деган шеърий сатрларида ўз ифодасини топган.   

          Уруш қатнашчиларини қурол-яроқ, озиқ-овқат,         кийим-кечак билан таъминлаш учун ватандошларимиз             кечаю-кундуз тинмай меҳнат килдилар. 20 мингдан ортиқ Наманганлик кекса ва ёшлар, фронтга кетган йигитлар учун ишлаётган корхона ва қурилишларда меҳнат қилдилар. Фашизм хафини чуқур ҳис этган ҳамюртларимиз ўзи               емай-ичмай фронтга ёрдам жамғармаси йиғдилар, аёллар ёрдам фондидан олтин тақинчоқларини хам аямадилар, фронтга озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа совғалар тинмай юборилди. 

            Урушнинг дастлабки бошланишидан бошлаб, токи Курс фронтидаги қақшатгич жангларда бобом мардонавор кураш олиб борганлар ва шу жангда оғир ярадор бўлиб, госпиталларда даволаниб, она замин Косонсойга қайтиб келганлар. Дастлаб урушда шахид бўлганлар, бедарак ёқолганлар, боқувчисини ёқотган оилаларга хукумат томонидан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ташкилотини бошқарганлар ва бу орқали уларга ҳар томонлама мадад ва ёрдам бериб келганлар. Кейинчалик қатор рахбарлик вазифаларда ишлаб туман иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига катта хиссаларини қўшганлар. Ёшларни маънавий ва харбий ватанпарварлик рухида тарбиялашда   тарих фанидан мактаб ўқувчиларга  сабоқ берганлар. 

             Ўқувчиларни  Ватанга мухаббат, ўз бурчига ва халқига садоқат, тинчлик ва осойишталикни қадрига етишга ўргатганлар. Бувижоним Турсунхўжаева Бувихон билан оилавий турмуш қурганлар. У киши ҳам Самарқанд Педагогика билим юртини битириб кўп йиллар ёшларга устозлик килганлар. 9 фарзанднинг отаси ва онаси бахтига мушарраф бўлганлар. Фарзандларининг барчаларини ўқимишли,  жамият учун чин дилдан меҳнат қилишга бел боғлаган инсонлар қилиб тарбиялаганлар. 

     Урушда кўрсатган жасоратлари учун қатор хукумат орден медаллари билан тақдирланган. 1985 йил ­Ғалаба 

байрамининг 40 йиллига, 1995 йил ғалабанинг 50 йиллиги тантаналарида қатнашганлар, Юбилей медаллари ва Фахрий ёрлиқлари  билан тақдирланганлар. 


           1992 йил муборак  Хаж сафарига бориб, Хожи бобо бўлганлар. Ҳаётнинг ўз қонунлари бор экан 1995- йилнинг  июн ойида бобом 86 ёшда вафот этганлар. Биз ана шундай инсонларнинг авлоди эканлигимиздан фахрланамиз. Бобомнинг берган бебаҳо тарбиялари туфайли: Ватанни севишни, тинчликни қадрига етишни, уруш катнашчиларини эъзозлашни, Ғалабани таъминлашда кечаю-кундуз тинмай меҳнат қилган фронт орти жон фидо ветеранларни қадрлашни ўргатганликларини қалбимизда доимо сақлаб ва шунга амал қилишни муқаддас бурчимиз деб биламиз. 

               Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил  4-апрелда қабул қилган Фармони «1941-1945 йил Иккинчи жаҳон урушида қатнашган уруш фахрийларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тўғрисида» ги ва «Хотира ва қадрлаш куни» га тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш чора тадбирлари тўғрисидаги Қарори қабул қилинди. Улуғ байрамни тантанали ўтказиш, уруш қатнашчиларни ва меҳнат ветеранларини иззат хурматини, эъзозини жойига қўйиб,  олам шумул Ғалаба кунини юқори савияда ўтказиш вазифаси кўйилди. 

               Биз ёшлар албатта бу табдирларни ўтказишда фаол қатнашамиз. Уларнинг дуоларини, панд ва насихатларини олиб, ҳаётимизда амал қилишга сўз берамиз.                          

              Ҳеч қачон дунёда уруш бўлмасин! Жонажон Ватанимиз Ўзбекистон осмони доимо мусаффо ва тинч бўлсин. Тинчликни қадрига етиб, Ватанимизнинг гуллаб яшнаши учун ўзимизнинг муносиб хиссамизни қўшайлик. Уруш фахрийларимизнинг шонли каҳрамона жасорат ва ҳаёт йўли, уларнинг турмуш тарзи биз ёшлар учун Йўлчи Юлдуз бўлиб қолади.   

                   Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Хурматли Ислом Абдуғаниевич Каримов такидлаганларидек: 

                    «Иккинчи жахон урушига қандай қаралмасин, бу уруш қайси ғоя асосида ва кимнинг изми билан олиб борилган бўлмасин, уз ватани, эл-юртини ёруғ келажаги, беғубор осмони учун жанг бўлган. Жангчи юртдошларимизнинг ўлмас жасорати шак-шубхасиз ўсиб келаётган ёш авлодни Мустақил Ўзбекистонннинг шавкатли химоячилари қилиб тарбиялашда улуғ мактаб, ватанпарварликнинг хақиқий намунаси бўлғусидир». 

Жасорат ҳақида ёзиш

Сиз xotira.uz порталида яқинларингиз урушда кўрсатган жасорати ҳақида сўзлаб бериш имконига эгасиз. Биз биргаликда Иккинчи жаҳон урушида ватандошларимиз кўрсатган жасорати ҳақидаги хотирани сақлаб қоламиз ва келажак авлодга етказамиз.