Rang sxemasi

Рауф Пардаев


27.04.2018

Иккинчи жаҳон уруши бошланганида кўп қатори шаҳрисабзлик ака-ука Ўроқ ҳамда Рауф Пардаевлар фронтга сафарбар қилинади. 1944 йил 6 октябрда Рауф Пардаевни бедарак йўқолгани ҳақида хат келади. 

Шаҳрисабз туман военкомати шу муносабат билан оилани кунлик олиб турадиган нон карточкасидан маҳрум қилади. Жангчининг волидаи муҳтарамаси Анбарой она ўғлига аза очмайди — фарзандим тирик, у ўлмаган, деган умид билан яшайди. 

Орадан бир неча ой ўтиб, хушхабар келади. Бу — 1945 йилнинг бошларида Рауф Пардаевнинг ўз қўли билан фронтдан ёзган хати эди. 

Шўрлик она ўғлидан келган хатни туман военкоматига олиб бориб кўрсатади. Шундан сўнг Рауф Пардаев хизмат қилаётган ҳарбий қисмга сўровнома юборилади. Лекин жавоб олинган-олинмаганлиги номаълум. Ўроқ Пардаев 1945 йил урушдан қайт­ганидан кейин ҳам укаси билан хат ёзишиб турган. Урушдан сўнг Рауф Пардаев хизмат қилган ҳарбий қисмларга хат ёзиб, укасининг 19858-ҳарбий қисмда хизмат қилаётганини тасдиқлаб беришларини сўрайди. Афсуски, уларнинг ҳаммасидан «Укангиз Рауф Пардаев 1944 йилнинг октябрида бедарак йўқолган», деган мазмунда жавоб олинади. 

Шундан сўнг Ўроқ Пардаев укасига хат ёзиб, унга бедарак йўқолгани ҳақидаги хабарнома нусхасини қўшиб жўнатади. Мана, қўлимизда 1946 йил 10 июль санаси билан Рауф Пардаевдан келган жавоб хати: «Ака, мен сизлардан битта хат олган эдим. Ичида справка бор экан. Уни командирга кўрсатдим. У менинг ҳақиқатан ҳам ҳарбий қисмда хизмат қилаётганим тўғрисида военкоматга хат жўнатди. Хатимга тезликда жавоб ёзинглар». Бу хат Германиядан юборилган бўлиб, ҳарбий қисм командири ­Шаҳрисабз туман военкоматига Рауф Пардаевнинг бедарак кетмаганини, ҳозир 19858-ҳарбий қисмда хизмат қилаётганини тасдиқловчи ҳужжат жўнатади. Бироқ бу ҳужжатнинг ҳам тақдири номаълумлигича қолади... 

Рауф Пардаевнинг Германиядан ёзган охирги хати 1946 йил 22 сентябрь санаси билан қайд этилган. «Сизлардан кўпдан буён хат олганим йўқ. Худо хоҳласа, тез кунда уйга қайтаман. Соғ-омон бўлинглар», деган мазмундаги хатга «Дала почтаси» томонидан 1946 йил 25 сентябрь тамғаси қўйилган. Шундан ке­йин ундан хабар бўлмади... 

1975 йилда Райҳон Пардаева ишлаб чиқариш илғори сифатида Москвада ўтказилган ғалабанинг 30 йиллик байрамига таклиф этилади. У ўша ерда урушда бедарак йўқолган амакиси Рауф Пардаевни қидириб топишга амалий ёрдам беришларини сўраб изтопарлар отрядига мурожаат қилади ва бу мурожаат «Красная звезда» газетасида босилиб чиқади. 

Рауф Пардаевнинг яна бир жия­ни Абдураҳим Пардаев анча йиллардан буён амакисининг дарагини излаб турли архивларга, ташкилотларга хат ёзди, лекин натижаси бўлмади. У 2015 йилда амакисига тегишли бўлган барча ҳужжатлардан нусха олиб, Россия телеканалидан бериладиган «Жди меня» кўрсатувига жўнатади. Амакиси ҳаёт бўлса ўзини, ҳалок бўлган бўлса, қабрини топишда ёрдам бериш­ларини сўрайди. 2016 йилда унга «Жди меня» кўрсатуви бошловчиси Виталий Ефремовдан жавоб хати келади. Унда Рауф Пардаевнинг Германияда 1946 йилнинг 25 сентябрида ҳалок бўлгани, у Саксония-Анхальт музофотининг Маг­дебург шаҳридаги қабристонда дафн этилгани ҳақида хабар берилган эди... 

 

Манба: "Ўзбекистон овози" газетаси

 

Jasorat haqida yozish

Siz xotira.uz portalida yaqinlaringiz urushda ko‘rsatgan jasorati haqida so‘zlab berish imkoniga egasiz. Biz birgalikda Ikkinchi jahon urushida vatandoshlarimiz ko‘rsatgan jasorati haqidagi xotirani saqlab qolamiz va kelajak avlodga yetkazamiz.