Цветовая схема

Мирзакалон Исмоилий


02.05.2018

Мирзакалон Исмоилий (1908 йил 14 октябрь – 1986 йил 5 февраль). Ёзувчи ва моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий урушнинг дастлабки кунларида “Биз енгамиз!” киносценарийсини ёзди ва фильм суратга олинди. Сталинграддан то Берлинга қадар адиб қўлда ҳам қалам, ҳам қурол билан борди. Уруш вақтида ташкил топган ўзбек тилидаги 13 та фронт газеталаридан тўнғич газетасида масъул котиб, ҳарбий мухбир, муҳаррир ўринбосари вазифаларида ишлади. Кейинчалик, унинг ижодига мансуб уруш даврининг жанговар лавҳалари, мушоҳадалари “Мардлик қиссалари”, “Шонли саҳифалар”, “Қаҳрамон ҳақида ҳикоялар” номли тўпламларда эълон қилинди. 1965 йили “Ҳарбий ҳикоялар кутубхонаси” сериясида фронт газеталарида эълон қилинган юзлаб очерклардан айрим намуналари жамланган “Озод инсон ҳақида қўшиқ” нашр этилди. 

1931 йили советларга қарши тўгарак ташкил этишда айбланиб қамалган Мирзакалон Исмоилий урушдан кейин ҳам Сталин замонининг иккинчи репрессиясига учраб, ҳибсга олинди. Қамоқ муддатини, аниқроғи,  тўрт йил-у тўрт ойни Қарағанданинг шахталарида ўтади. Айнан шу даврда, шу қамоқда “Фарғона тонг отгунча” романининг биринчи китоби – “Қаър гулдуроси”ни ёзди. Китоб, адиб оқлангач, 1958 йили нашр этилди. “Фарғона тонг отгунча” романининг иккинчи китоби – “Сўнгги кеча” 1967 йили чоп этилди. 

Адибнинг “Бизнинг роман” ва “Ўзингдан кўр” ахлоқий мавзудаги қиссалари, “Одамийлик қиссаси”, “Инсон ҳусни”, “Қизлар дафтарига” деб номланган маърифий асарлари эл аро машҳур бўлди.  

Ўзбек китобхонига жаҳон адабиётини танитишда адибнинг хизмати катта. М. Исмоилий таржима соҳасига 1928 йили “Музикачи Янко” асари билан кириб келди. У Л. Толстойнинг “Тирилиш”, “Анна Каренина”, Новиков – Прибойнинг “Цусима”, Жюл Верннинг “Сирли орол”, Лопе де Веганинг “Ит пичан емас, отга ҳам бермас”, К. Гальдонининг “Икки бойга бир малай”, В. Шекспирнинг “Беҳуда шов-шув”, М. Шолоховнинг “Инсон тақдири”, Э. Л. Войничнинг “Сўна”,  Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши” каби асарларни ўзбек тилига ўгирди. Адиб бутун фаолияти давомида 200 дан ортиқ асарларни таржима қилган. 

Ёзувчига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвони берилган. Тошкентдаги Дархон мавзесида ўзи яшаган маҳалла, Булоқбошидаги мактаб ва кинотеатр Мирзакалон Исмоилий номи билан аталади.

Менинг отам Мирзакалон Исмоилий 50-йиллар қатағонига учраб “жазо” (аслида...) муддатини Қарағанда шахталарида ўтадилар. Уч ёшлигимда онамлар – Зуҳрахон ая мени ҳам у ерга олиб бордилар. Бу албатта махсус рухсат орқали амалга ошган. Ёдимда қолгани ер қўрғошин билан битта эди. Демак дадамлар қўрғошин конида қатағон қилинганлар қаторида оғир меҳнат қилганлар...

Бир куни дадамни қамоқдан олиб келган кружкалари катталигидан ҳайратланиб, “бу кружка нимага мўлжалланган?” деб сўрадим. Шунда улар қамоқда овқат олдидан бир кружка сув ичишганлигини, шу йўл билан қорин тўқ тутилишини айтиб бергандилар.

“Халқ душмани”нинг оиласи оғир шароитда қолиши сир эмас. 

Оиламизга ўз уйимиздан бир хонагина ажратилди. Қолган хоналарга бошқа миллатларга мансуб бир қанча оилалар жойлаштирилди. Ҳатто дадам қайтганидан кейин ҳам улардан бири айвон билан бирга берилган хоналарни анчагача бўшатиб бермади. 

Ўша йиллар опаларим Флорахон, Фаридахон, Ойзуҳрахон, акаларим Фарруххон, Хасанхон ва мени мактабда, кўчада “халқ душмани болалари” деб турткилашган вақтлар эди...

 

Аямлар ишдан бўш вақтда, асосан ярим кечаси жабо ёқачаларини уйда тикардилар. Опаларим ҳам аямни олдига кириб, туну кун шу иш билан машғул бўлишарди. Оиламиз ёқачаларни санаторийларда сотиб кун кечирарди. Баъзан у ерларга мени ҳам олиб кетишарди. Бир куни транспортда одамлар мени гапга солиш мақсадида қаерга кетаётганимизни сўрашди. Бола эмасманми, борини тафсилотлари билан гапириб бердим. Кейин аям ва опаларим бундай қилиш мумкин эмаслигини уқтиришди. Кейинги сафар сўрашганида – “Мы не спекульянти. Мы не ездим воротнички продавать” (Биз чайқовчи эмасмиз. Биз ёқа сотгани кетмаяпмиз) – деган эканман.   

Ўша йиллари уй ишларига тўққиз-ўн яшар Ойзуҳрахон опам  балогардон эди.  Менга ҳам қараш асосан уларнинг зиммаларида эди. Ойзуҳрахон опам ҳатто касалликни оёқда ўтказиб юбордилар...   

Дадам оқланиб, қамоқдан қайтиб келганларида фарзандлар сафида Ойзуҳрахон опам йўқ эди. Барча ноҳақликларга чидаган адамга яна бу жудолик...  

Қамоқда ёзилган “Фарғона тонг отгунча” романи устида иш қайтганларидан кейин яна оқ қоғоздан бошланди. Бир куни дадам ижод қиладиган хоналаридан “Ҳаётхон ўлди” деб кўз ёшлари билан чиқдилар. Шунда мен “Дада, ўлдирманг! Ахир сизнинг қўлингизда-ку” – деб айтган эдим, “Йўқ, менинг қўлимда эмас” – деб жавоб бердилар.

 

Адибнинг қизи Марикахон ая хотираларидан.

 

Рассказать о подвиге

У Вас есть возможность рассказать о подвиге Ваших родственников на портале xotira.uz. Действуя сообща, мы сохраняем в памяти подробности о подвигах наших соотечественников во Второй Мировой войне!